Линклар

Шошилинч хабар
25 июл 2025, Тошкент вақти: 05:48

Ғазоликларнинг уқубати чидаб бўлмас даражада, Исроил ёрдамни "томчилатиб етказмоқда" - Ғарб


Озиқ-овқатга навбатда турган фаластинлик болалар. Ғазо бўлгаси.
Озиқ-овқатга навбатда турган фаластинлик болалар. Ғазо бўлгаси.

25 та Ғарб давлати ташқи ишлар вазирлари Исроилни Ғазо секторига ёрдамни «томчилатиб» етказаётгани учун қаттиқ танқид қилди. CNN телеканалининг Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига иқтибосан хабар беришича, май ойи охиридан бери ёрдам излаётган 1000 нафардан зиёд инсон ҳалок бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қурбонлар аниқ қаерда ҳалок бўлганини билдирмаган, аммо БМТ маълумотларига кўра, кўпгина қурбонлар Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ғазо Гуманитар Фонди (GHF)” ёрдам тарқатиш нуқталарига бораётган пайтда ҳалок бўлган.

Бу фонд 27 майдан буён фаолият юритмоқда. Фаластинлик расмийлар ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, бу ўлимларнинг кўпчилигида Исроил армияси айбдор.

Исроил армияси (IDF) баъзи ҳолларда одамларга қарата огоҳлантирувчи ўқ узганини тан олди, бошқа ҳодисалар учун эса жавобгарликни рад этди. Июнь ойи охирида армия ёрдам тарқатиладиган нуқталарга олиб борувчи йўлларни «аҳоли билан тўқнашувни камайтириш» мақсадида қайта ташкил қилганини маълум қилди, аммо ўлдиришлар тўхтамади.

Душанба куни эълон қилинган баёнотда Ғарб давлатлари ташқи ишлар вазирлари «Ғазода фуқароларнинг азоб-уқубати мисли кўрилмаган даражага етгани"ни қайд этишган.

"Исроил ҳукуматининг ёрдам етказиш модели хавфли, беқарорликка сабаб бўлмоқда ва ғазоликларни инсоний қадрдан маҳрум қилмоқда.

Биз ёрдамни томчи-томчи қилиб етказишни ва сув ҳамда озиқ-овқат каби энг асосий эҳтиёжларини қондиришга уринган фуқаролар, шу жумладан болаларнинг шафқатсиз ўлдирилишини қоралаймиз», — дейилади баёнотда.

Ушбу баёнотга қуйидаги давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари имзо чекди: Австралия, Австрия, Бельгия, Канада, Дания, Эстония, Финляндия, Франция, Исландия, Ирландия, Италия, Япония, Латвия, Литва, Люксембург, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия, Польша, Португалия, Словения, Испания, Швеция, Швейцария ва Буюк Британия. Уларга Европа Иттифоқининг Тенглик, тайёргарлик ва инқирозларни бошқариш бўйича комиссари ҳам қўшилган.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, фақат сўнгги 24 соат ичида 99 киши ҳалок бўлган, 650 нафар киши жароҳат олган.
Умумий ҳисобда, май охиридан буён ёрдам излаётган 1 021 киши ҳалок бўлган, 6 511 киши яраланган. Уруш бошланганидан буён эса Ғазода 59 029 нафар киши ҳалок бўлган.

2024 йил 2 мартдан 21 майгача Исроил Ғазога ёрдам олиб киришни 11 ҳафта давомида тўлиқ тўсиб қўйди. Шундан сўнг БМТ агентликлари Ғазодаги очарчилик ва тўйиб овқатланмаслик юзасидан жиддий хавотир билдирган.

Яқин Шарқ ва Украинадаги уруш: Исроил Жабалия қочқинлар лагерига зарба берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:17 0:00

Ёрдам ташкилотлари ҳозир ҳам Ғазога деярли кириш имконига эга эмас — Исроил буни ҲАМАС ёрдамни ўзлаштирмаслиги учун амалга оширилаётганини даъво қилмоқда.

Ғарб давлатлари ташқи ишлар вазирлари шундай дейишди:

«Ёрдам излаётган минглаб фаластинликларнинг ўлдирилиши дахшатли ҳолатдир. Исроилнинг фуқароларни зарур инсонпарварлик ёрдами билан таъминламаслиги қабул қилиб бўлмасдир. Исроил халқаро инсонпарварлик ҳуқуқига амал қилиши шарт.

Биз Исроил ҳукуматини Ғазога нисбатан жорий қилинган чекловларни зудлик билан бекор қилишга ва БМТ ҳамда бошқа ёрдам ташкилотларига ўз фаолиятини бехатар ва самарали амалга ошириш учун шароит яратишга чақиримиз».

Исроил ташқи ишлар вазирлиги X (Twitter) ижтимоий тармоғида қуйидагича баёнот берди:

«Исроил 25 давлат томонидан эълон қилинган ушбу баёнотни рад этади — у воқеликдан бутунлай узилган ва ҲАМАСга нотўғри сигнал юборади.

Баёнот ҲАМАСга босимни марказлаштиришга ва унинг бу вазият учун тўлиқ жавобгар эканини эътироф этишга қодир эмас. Урушнинг ва икки томон азиятининг ягона сабабчиси — ҲАМАСдир», — дейилган Исроил баёнотида.

Ғарбнинг танқидлари ҲАМАС етакчилари Ғазодаоташкесим ва асирларни алмашишга доир сўнгги таклифни кўриб чиқаётган паллада янгради.

Ўтган ҳафта АҚШ Исроилни Ғазонинг жанубий қисмидаги ҳарбий йўлакдан чиқишга кўндирган эди. Энди эса Қўшма Штатлар сабри тугаётганини билдириб, ҲАМАСни сўнгги тинчлик ва асир алмашиш режасига зудлик билан жавоб қайтаришга чақирмоқда.

CNN манбаларининг маълум қилишича, ушбу таклиф ҲАМАСга қарийб бир ҳафта олдин топширилган.

ҲАМАСнинг Қатардаги етакчиси Халил ал-Ҳайя сўнгги келишув режасини ўзаро суҳбатларда қўллаб-қувватлаётганини айтган, аммо унинг сўзларига кўра, ташкилот режани амалга ошириш масъулиятини ўз зиммасига олувчи Ғазодаги раҳбариятнинг тасдиғини кутмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG